Мовароуннахр

Алишер Навоий (1441-1501)

15- аср жаҳон маънавиятининг буюк сиймоси Низомиддин Мир Алишер Навоий ҳижрий 844 йил рамазон ойининг 17-куни (1441 йил 9 феврал)да Ҳиротда туғилган. Ҳирот шаҳри XV аср биринчи ярмида Соҳибқирон Амир Темур асос солган улуғ салтанатнинг иккинчи пойтахти, Темурнинг кенжа ўғли Шоҳрух Мирзонинг қўл остидаги обод манзилларидан бири эди. Алишер туғилган хонадон Темурийлар саройига азалдан яқин ва юртда муайян нуфуз соҳиби эди.

Тақдир Алишер Навоийни замонанинг улуғ ва шарафли кишиларига яқин қилди, устоз-мураббийлик этувчи зотлар билан ошно этди. 1466—1468 йиллар Алишернинг умри асосан Самарқандда кечди. Сул¬тон Ҳусайн Бойқаро Ҳиротни эгаллаганда, Алишер Навоий 28 ёшли мукаммал билимлар эгаси, юртга танилган шоир ва тажрибали давлат арбоби даражасига етишган эди.

1469 йилда Султон Ҳусайн илтимосига кўра Алишер Навоий Самарқанддан Ҳиротга қайтади ва рамазон ҳайити муносабати билан дўсти шарафига битилган «Ҳилолия» қасидасини унга тақдим этади. Ҳусайн Бойқаро Алишерни муҳрдор қилиб тайинлайди ва шу пайтдан шоирнинг эл хизматидаги фаол жидду жаҳди бошланади. Кўп ўтмай Навоий муҳрдорликни ўзининг яқин дўсти ва фикрдоши, шоир Амир Шайхим Сухайлийга топширади. «Бу нозиктаъб ва зукко Амир 20 йилдан ортиқ Бойқароға мулозим бўлди». Лекин Бойқаро дўстининг норозилигига ҳам қарамай, 1472 йил февралида уни вазир лавозимига тайинлайди ва «Амири Кабир» («Улуғ Амир») унвонини беради. Бу лавозимда Навоий эл-улус манфаати, шаҳар ва мамлакат ободончилиги, маданият равнақи, адолат тантанаси учун фойдаланадики, буларнинг барчаси пировард натижада Султон Ҳусайн давлатининг барқарорлиги ва нуфузини таъминлайди.

Ҳирот бу даврда ниҳоятда кўркамлашди, халқ турмуши яхшиланди, шеърият, нафис санъатлари ривож олди. Талабалар учун «Ихлосия» мадрасаси, дарвешлар учун «Халосия» хонақоҳи, беморлар учун «Шифоия» шифохонаси, масжиди Жомеъ ёнига қорихона («Дор ул ҳуффоз») қурилди. Улуғ амирнинг кутубхонасида 70 дан ортиқ хаттот ва мусаввирлар қўлёзмаларни оққа кўчириш, уларни бадиий безаш билан банд эдилар. Ҳиротда яна «Низомия», Марвда «Хусравия» ва бошқа мадрасалар бино этилди.

Навоий Мадраса, шифохоналар қурдириб қўя қолмасдан, уларни керакли даражада жиҳозлаш, ўз-ўзини таъминлаш учун вақф ерлар ажратиб бериш, мударрислар, табиблар ва бошқа ходимлар билан таъминлаш, уларга ойлик маош, озуқа, кийим-бош белгилашгача, талабалар нафақаси ва китобларигача, барча-барчасини мукаммал бошқариб, ташкил этиб берар эди ва ўзи доимо хабар олиб, назорат қилиб туришни ҳам унутмасди. Бинолар қурилиши тарҳи билан бевосита шуғулланар, уста ва шогирдлар меҳнатидан бохабар бўлиб турарди. Шоир ўз ҳузурига тез-тез шеър, илм ва санъат аҳлини чорлаб, маърифий суҳбатлар уюштириб турар, ёш истеъдодларни тарбият қилиб, уларга шароит яратарди. Хондамир, Беҳзод, Восифий ва ўнлаб ушбу тарбиятга ноил бўлган истеъдод эгалари шулар жумласидандир.

Шу давр ичида Алишер Навоий ўз қўли билан биринчи девони «Бадойи ул-бидоя» («Бадиийлик ибтидоси»)ни тузди. Бу девонга унинг ёшлик ва йигитлик пайтларида ёзган 800 дан ортиқ шеърлари жамланган бўлиб, шоир ижодий камолотининг биринчи босқичини акс эттиради.

Алишер Навоийга бағишланган тарихий ва илмий асарларда батафсил тавсиф қилинишича, 1469—1481 йиллар Алишер Навоийнинг ижтимоий ҳаёт ва ободончилик борасидаги энг фаол хизмат кўрсатган йиллари бўлган. Шоир 1481 йили «Вақфия» асарини ёзиб, унда ўзининг бинокорлик ва хайрия ишларига якун ясаб, ўз-ўзига ҳисоб берган.

Навоий деҳқончилик ишларини йўлга қўйиб, жуда яхши натижаларга эришган. Тарихчиларнинг ёзишича, Навоийнинг бир кунлик даромади 18 минг шоҳрухий динор миқдорида эди. Улуғ Амир бу даромаднинг кўп қисмини хайрли ишларга сарф қилган. Тарихчи Хондамир Навоий қурган 52 работ, 20 ҳовуз, 16 кўприк, бир қанча тўғон, ариқ, ҳаммом, масжид-мадрасаларни эслайди. Навоий турли соҳа олимларига ҳомийлик қилиб, ўнлаб илмий рисолалар битилишига бевосита сабабчи бўлган.

Алишер Навоий ўзи ва салафлари — Низомий, Деҳлавий, Ҳофиз, Ироқий ва бошқалар яратган мустақил бадиий тафаккур тарзини «мажоз тариқи» деб номлади ва унда Ҳақ асрори «мажоз сувратинда» акс этишини таъкидлаган. Бу Борлиқни ўзига хос идрок этиш тарзи Нақшбандиянинг: «Дил ба ёру даст ба кор», қоидасига мувофиқ бўлиб, унда ибрат, илм, ирфон ва амал бир нуқтада бирлашар ва янги дунёга кўз очарди. Тавҳид таълимоти ва эътиқодини идрок этишнинг энг юқори босқичи бўлган бу дунёқараш тизими «Хамса» ва «Лисон ут-тайр» асарларида, шоир лирикасида бадиий инъикосини топган.

1500 йилларга келиб шоирнинг ҳаёт шароити қийинлашиб, соғлиги заифлашиб қолса-да, ижоддан тўхтамади. 1501 йилнинг бошида Навоий касалликдан вафот этди. Бутун Ҳирот халқи ўзининг буюк шоири билан хайрлашишга чиқди ва 7 кун давомида мотам тутди.

UZBEKISTAN WEATHER